Тўлов терминалларининг фойдаланувчилари диққатига!

Тўлов терминалларидан (кейинги ўринларда терминал деб юритилади) бугунги кунда кўплаб йўналишдаги савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида фойдаланилмоқда. Уларнинг узлуксиз ишлаши карта эгаларига ҳам, савдо шаҳобчасига ҳам бирдек муҳим ҳисобланади. Лекин, техника ишлатилавергани сари ишчи ҳолатини йўқотиши, ўзининг белгиланган фойдаланиш (эксплуатация) даврини ҳамда циклини ўтаб бўлганидан кейин бузилиши табиий ҳол. Бундай вақтда терминал фойдаланувчиси – савдо шаҳобчаси қандай иш тутиши лозим?

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Давлат солиқ қўмитасининг 2009 йил 20 июндаги 18/1, 2009-20-сонли қарори билан тасдиқланган “Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари тўлов терминали техник ёки дастурий носоз ҳолатга келиб қолганда, бу ҳақда бир кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ёзма ёки электрон шаклда хабар бериши шартлиги, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари раҳбарлари ўн кун муддат ичида тўлов терминалларини соз ҳолатга келтириш чораларини кўришлари лозимлиги белгилаб қўйилган.

 

Бугунги кунда “Ўзкарт” банклараро чакана тўлов тизимга аъзо барча тижорат банклари “EOPC Technology” МЧЖ (Сервис маркази) билан терминал, банкомат ва инфокиоскларга сервис хизмати кўрсатиш бўйича шартнома тузган. Сервис маркази тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилади, мутахассислари ишлаб чиқарувчиларнинг ўқув марказларида малака оширган, таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар айнан ишлаб чиқарувчиларнинг ўзидан олиб келинади. Сервис марказининг Қорақалпоғистон республикаси ва барча вилоят марказларида филиаллари мавжуд. Филиалларда сервис маркази фаолиятига таалуқли барча хизматлар кўрсатилади.

 

EOPC Technology сервис маркази таъмирланган терминалларни “Ўзкарт” тизимининг хавфсизлик талабларига жавоб беришини ҳамда сифатли ишлашини кафолатлайди!